Deprecated: mysql_connect(): The mysql extension is deprecated and will be removed in the future: use mysqli or PDO instead in /var/www/vhosts/tashkent.uz/httpdocs/modules/frontend/news.php on line 4
 mirobod.tashkent.uz Mirobod.Tashkent.Uz - Замонавий Маҳаллалар Шаҳримиз Кўрки
Фотогалерея
Видеогалерея
Замонавий маҳаллалар шаҳримиз кўрки - Бўлимга қайтиш

Унга Ҳисса ҚЎшиш ва асраш барчамизнинг ИНСОНИЙ бурчимиз

Маҳалла – бизнинг қадимий миллий қадриятимиз. Шарқ азал-азалдан жамоавий бўлиб яшаш анъаналарини қадрлаб келган. Жамоавийликнинг энг ёрқин кўриниши эса маҳалладир. Юртимизда маҳалланинг пайдо бўлиш тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, биз маҳалласиз яшай олмаймиз.

Мустақил миллий давлат қуришга киришганимизда ҳам кўп масалаларда, жумладан, маҳаллага муносабатда ҳам ана шу қадимий миллий менталитетимизга суяниб иш кўрдик. Истиқлол йилларида маҳалла жаҳонда ўхшаши йўқ ўзига хос жамоатчилик бошқаруви механизмига айлантирилди. Маҳалланинг шундай ёзилмаган тартиб-қоидалари борки, ҳамма уларга сўзсиз амал қилади. Бу – шарқона қадрият. Унинг замирида халқнинг донишмандлиги, аниқроғи, баҳамжиҳат яшаш тарзи ётибди.

Мустақиллик шарофати билан маҳалла тизими қонунийлашди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасида мана бу сўзлар қайд этилган:

“Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.

Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади”.

Бироқ энди ана шу маконимиз ҳар тарафлама талабга жавоб бериши, бу ерда инсоннинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган ҳамма қулайликлар муҳайё этилиши керак. Жумладан, замонавий, намунали маҳаллада кутубхона, спорт билан шуғулланиш учун қулай иншоот, қариялар чойхонаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар майдончалари, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, стадион ва ҳоказолар бўлиши лозим.

Тўғри, шўро даврида ҳам маҳалла тизими мавжуд эди. Аммо у моҳиятан ҳозирги тушунчамиздаги маҳалладан тубдан фарқ қилар эди. Маҳалла қўмиталари маъмурий-буйруқбозлик тизимининг таркибий қисми ҳисобланган, амалда расмиятчилик учун фаолият кўрсатадиган, кўпроқ фуқароларга маълумотномалар ёзиб бериш билан шуғулланадиган идора бўлиб қолган эди.

1993 йил 17 августда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамғармаси ташкил этилди. Ўша йилнинг сентябрида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлари, маҳаллалар ва улардаги жамоатчилик тузилмалари фаолиятига оид 20 га яқин низом қабул қилиниб, ижтимоий ҳаётга татбиқ этилди. Тизимда фаолият кўрсатаётган ходимлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил топди.

Кўриниб турибдики, биз миллий ва умуминсоний хусусиятларни жамулжам этган ўзига хос давлат қуряпмиз. Бунда, табиийки, ҳам аср-асрлик тарихий меросга суянган ҳолда иш кўриляпти, ҳам замон талаблари асосида маҳалла институти тобора такомиллашиб бораётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йилнинг 3 февралида қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони аввало, мамлакатимиздаги маҳалла тизими мақомини янги бир даражага кўтаргани билан аҳамиятлидир.

Ким бўлиб ишлашимиз, жамиятда қандай мавқе-мақомга эга эканимиз, нималарга қодир бўлишимиздан қатъи назар, ҳаммамиз ҳар куни ишдан сўнг ўз уйимиз – ўлан тўшагимизга, яъни маҳалламизга қайтамиз. Шахс сифатида ҳар биримизнинг маҳалладан азизроқ жамоамиз йўқ. Шунинг учун ҳам маҳалладошлар ҳақида гап кетганда, кексаларимиз “ҳассакашлар” деган ажойиб, теран маъноли, ўзимизга хос ва мос ифодани ишлатишади.

Ахир, қайси биримизнинг қандай тўй-тантана ёки маърака-маросимимиз маҳалласиз ўтади?

“Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, – деган мақолнинг моҳияти ҳам хеш-ақраболарга қарши қаратилган эмас. Аксинча, бу ҳикматда одамнинг хурсандчилик кунида ҳам, ташвишли пайтларида ҳам ён қўшни бўлган маҳалладошларнинг жонга тезроқ оро кириши улуғланяпти.

Бинобарин, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган экан, халқ билан мулоқотни юксак даражада йўлга қўйиш учун ҳам маҳалладан муҳимроқ тизим йўқ. Шунингдек, инсон манфаатларини аниқлаш ва уни ҳимоя қилиш учун маҳалла энг қулай имкониятга эга ижтимоий институт экани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Шунинг учун ҳам “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” мазмун-моҳиятига мос қонуности ҳужжати сифатида тавсифлаш лозим.

Маҳалла аҳолини ижтимоий фаоллаштириш, одамларнинг бошини ўзаро қовуштириш, миллий урф-одат ва қадриятларга амал қилиш ва уларни такомиллаштириш, кучли ижтимоий ҳимояни адолатли ва манзилли амалга ошириш, маънавий-ахлоқий тарбияни изга солиш учун энг асосий макон ҳисобланади.

Янги Фармон асосида 2018 йилнинг

 1 декабрига қадар туман ва шаҳарлар марказларида намунавий лойиҳалар асосида “Маҳалла маркази” мажмуалари бинолари барпо этилади. Фармонда шунингдек, 2021 йилнинг 1 декабригача фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш ҳам кўзда тутилган.

Фармон фуқароларни маҳалла фаолиятини ривожлантириш учун яқин ҳамкорлик қилишга ундайди. Ушбу ҳужжат асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига тегишли вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига тақдим этиладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этиладиган бўлди.

Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, Тошкент – мамлакатимизнинг энг йирик шаҳри. Пойтахтимизда маҳалла ҳам – кўп. Бундан ташқари, шаҳримиздаги маҳалла тизимини ривожлантириш анъаналари амалда бутун мамлакатимиз учун намуна вазифасини ўташи керак. Маҳалла борасидаги ҳар қандай янгилик аввал пойтахтимизда юз кўрсатади. Шунинг учун ушбу Фармон шаҳримиз маҳаллалари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида алоҳида аҳамият касб этади.

Нафсиламбирини айтганда, жиноят йўлига кирган ҳам, ёт ғоялар таъсирига тушиб, адашган кимсалар ҳам, бебош бўлиб юрган ёшлар ҳам ҳамма-ҳамма маҳаллада яшайди. Ҳар бир кишининг ҳар қандай қинғир қадамини аввал маҳалла сезади. Оилавий жанжаллардан ҳам ҳаммадан олдин маҳалла аҳли – қўни-қўшни хабар топади. Шундай экан, маҳалла жамиятимизда рўй бериши мумкин бўлган кўпдан-кўп салбий хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қодир бир куч эканини эсдан чиқармайлик.

Оила – жамият таянчи, давлат пойдевори. Оилаларимиз ҳаётида юз бераётган ҳар бир салбий воқеага маҳалла, жамоатчилик ўз муносабатини билдириши керак. Маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари аралашуви билан ҳаёти изга тушиб кетган оилалар ҳам оз эмас. Ҳаттоки, аҳил, огоҳлиги юқори, одамларида дахлдорлик ҳисси кучли бўлган маҳаллаларда ўғрилик ва бошқа жиноятлар ҳам кам содир бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Мактаб ҳам, коллеж ёки лицей ҳам айнан маҳалла ҳудудида жойлашган. Ўқувчиларнинг дарсга қатнашиши масалалари, кўча-кўйда ўзини тутиши, дарсдан кейин нима ишлар билан шуғулланаётгани ҳам бугун маҳаллани қизиқтириши керак.

Хуллас, биз учун маҳалла жамоа тушунчасидан кўра ҳам кўпроқ, кенгроқ маънони билдиради. Халқимиз қўлида барқарорликни таъминлашнинг оила ва маҳалла каби ишончли анъанавий воситалари бор.

Яқин бир ой ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг бир неча туманларидаги бунёдкорлик ишлари билан танишиб, жумладан, туман маҳаллаларида ҳам бўлди. Шу жараёнда намунали маҳалла лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари барча хатти-ҳаракатларимиз халқнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Намунали маҳаллалар барпо этиш бугун шаҳримиз ҳаётининг узвий қисмига айланди. Бу “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятига ҳар тарафлама мос келади.

Шуни инобатга олиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудида “Замонавий маҳалла” марказлари намунавий лойиҳасини жорий қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги  барчамизга маълум.

Ушбу қарор, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, давлатимиз раҳбарининг шу йилнинг 30 мартида, жумладан, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, коммунал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилган видеоселектор йиғилишидаги топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 сентябрда ўтказилган йиғилиши 73-сон баённомаси қарори ижросини таъминлаш, шу тариқа ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Юнусобод туманидаги “Замонавий маҳалла” намунавий лойиҳаси асосида миллий урф-одатларимизга мос равишда фаолият юритаётган Увайсий номидаги маҳаллада ҳам бўлган эдилар.

Ушбу маҳаллада тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳалла аҳлининг намунали ҳаёт кечириши учун кўплаб шароитлар яратилган. Бу ерда янги маҳалла маркази бунёд этилган. Унда маҳалла раиси, котиби ва маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар қурилган, улар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мебеллар, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Профилактика инспектори хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор билан жиҳозланган.

Хўш, модомики, маҳалла ҳаётимизнинг таркибий қисми бўлса, умримизнинг асосий қисми шу гўшада ўтса, нега шаҳримизнинг амалдаги барча маҳаллаларида “Замонавий маҳалла” намунавий лойиҳаси асосида иш кўрмаслигимиз керак? Ахир, маҳаллада фуқаролар йиғини раиси (маҳалла оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун хоналар, қариялар учун дам олиш хонаси, кутубхона, коммунал тўловларни қабул қилиш шохобчаси, кўчаларда барча шароитлари мавжуд ўриндиқлар, соябонлар, болалар майдончалари, дам олиш майдонлари, енгил конструкциялардан иборат ёшлар учун спорт иншоотлари, кичик архитектура шакллари ва фавворалар, тунги ёриткич мосламаларидан ташкил топган маҳалла маркази ташкил қилиш мумкин-ку. Маҳалла ҳудудида, шунингдек, гўзаллик салони, савдо шохобчаси, новвойхона, пойабзал таъмирлаш устахонаси, маиший техникаларни таъмирлаш устахонаси, кичик ҳажмдаги кийим-бош таъмирлаш ательеси, ҳудуд экологияси, жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлиги ва тинчлигига таъсир этмайдиган кичик ва хусусий бизнес фаолиятини йўлга қўйиш, савдо ва маиший шохобчалар ташкил этиш – қанчалар муҳим. Қарор ана шу масалаларни амалга оширишнинг тартиб-қоидаларига қаратилган.

Маҳалла маркази ва савдо, маиший шохобчаларни ташкил этиш МФЙ раиси ва туман ҳокимлари томонидан тавсия этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилиши, қайд этилган қурилмаларнинг қурилиш ишлари якунланганидан ҳамда фойдаланишга қабул қилинганидан сўнг фаолият турини ўзгартирмаслик шарти билан ўрнатилган тартибда тадбиркорлик субъектига мулк ҳуқуқи эътироф этилиши белгилаб қўйилди.

Тошкент шаҳридаги барча маҳалла идораларини жойига чиқиб, ўрганиб, янги қурилиш ёки қайта таъмирлаш бўйича аниқ-чора тадбирларни белгилаб, маҳалла маркази ҳамда савдо ва маиший шохобчаларни қуриш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларининг рўйхатини шакллантириш, ихтиёрий шартномалар тузиш ва улар асосида босқичма-босқич қурилиш ишларини олиб бориш юзасидан тармоқ жадвалини ишлаб чиқиш топшириқлари берилган эди ва бу эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Мутасаддилар маълумотларига қарасак бугунги кунга қадар 505 та маҳалладан 482 та маҳалла идоралари бўйича аниқлик киритилди, 23 та маҳалла идоралари бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Аниқлик киритилган 482 та МФЙ идорасидан 263 тасида янги қурилиш ва 219 тасида ўз ҳудуди ва қўшимча ер майдонида қайта таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилди.

Ҳозирги кунда Бектемир туманидаги “Миришкор” маҳалласи ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги Ҳувайдо, Мирзо Улуғбек туманидаги “Аҳиллик”, Олмазор туманидаги “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Замонавий маҳалла” қурилиши бошлаб юборилган.

Учтепа туманидаги “Ҳожиобод” ва “Боғобод” маҳаллаларида эса ушбу жараён бошланиш арафасида.

Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтишни лозим деб ўйлаймиз.

Туманлар, маҳаллаларда кейинги пайтларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлардан диллар яйрайди. Бироқ кўпгина маҳаллаларда ободонлаштириш ишларининг ўлда-жўлдалиги, йўлларнинг таъмирталаблиги баъзи мутасаддилар, ўша ерда яшовчи аҳолининг бефарқлиги туфайли юзага келганлиги ҳам сир эмас. Қолаверса, туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси ва солиқ инспекцияси раҳбарларидан иборат тўртликлар секторларга ва округларга бўлинган ҳолда иш олиб бораётганига анча вақт ўтган бўлса-да, айрим туманларда бу механизм яхши ишламай қолгани маълум бўлиб қолди. Бу борадаги эътиборсизликлар туфайли ҳам Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Виртуал қабулхоналарга мурожаатлар кўпайди. Бугун деярли барча туманларда янги тайинланган ҳокимлар ва мутасаддиларнинг иш бошлагани ҳам муаммолар ечимини ҳал этиш борасида кишида умид уйғотади. Ҳақли савол туғилади: тўғри, мутасаддилар маҳаллаларда юриб, жойлардаги ободонлаштириш ва орасталаш ишларига бош-қош бўлишмоқда. Бу яхши албатта, бироқ кўп маҳаллаларда хатто ўсиб ётган ўт-ўланларни ўриш ва бошқа шу каби майда ишларни ҳам масъуллар томонидан ташқаридан одам ёллаб ишлатиш орқали бажариш одати пайдо бўлаётганини кузатиш мумкин. Ўзимизга “хўп, бугун шунча яхши ишлар қилиняпти, ҳудудлар обод бўляпти, бироқ эртага уларни асраш, орасталикни сақлашимиз керак-ку”, деган саволни бермаймиз, масъулиятни унутамиз, томошабин бўлиб тураверамиз. Ахир, ҳовли-жой, кўча- кўйни озода тутиш удумлари ота-боболаримиздан қолган-ку. Масалан, жойларда арчалар, турли-туман мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазиляптию, тез орада улар қуриб қоляпти. Экмаган бўлсак ҳам жуда бўлмаганда шу ниҳолларни суғориб турсак бўлади-ку. Ёки ҳозирда гаражларни тартибга келтириш ишлари ҳам амалга ошириляпти. Улардан чиққан эски тақир-туқурларни тозалаш бевосита бизнинг ишимиз бўлсада, барибир ўша одатий “менга нима, ободонлаштириш ходимлари тозаласин”, қабилида иш тутаяпмиз. Тўғри, замонавий маҳаллалар бирин-кетин бунёд этилиб, ҳудудлар кўркига-кўрк қўшади, бироқ уларни сақлаб, янада обод қилиш ўз қўлимизда-ку? Ахир ҳашардек ажойиб миллий одатимиз бор-ку ёки шу йўл билан кўпчиликни жалб этиб ана шу ишларни амалга оширса бўлади-ку. Ҳар нима бўлса-да боқимандаликка ўрганиб қолмаслигимиз керак. Зеро, “Сув келтирган хор-зору кўза синдирган азиз”, деган ҳикматни унутмаслигимиз лозим. Хулоса қилиб айтганда, ободлик кўнгилдан бошланишини теран англаган ҳолда амалга оширилаётган барча хайрли ишларни  қадрлашимиз ва унга ўз ҳиссамизни қўшишимиз ҳам қарз, ҳам фарз.

Ниятимиз шуки, маҳаллаларимиз янада обод ва кўркам бўлсин. Ҳар биримиз шундай гўзал, намунали маҳаллада яшаётганимиз билан фахрланайлик. Бир сўз билан айтганда, пойтахтимиз маҳаллалари амалда бутун мамлакатимиз учун ўрнак намунасига айлансин.

Олим МАҲМУДОВ

«Тошкент оқшоми» газетаси 17 май 2017 йил.

Олдин      Кейин

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
Сайтда фойдаланувчилар сони: 18
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони
Тоифа Сони
Қабул қилинган 8
Ижрода 3
Ижроси таъминланган 5

ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!


 

Ишонч телефон

(+9989 71) 233-29-86

Девонхона

(+9989 71) 233-10-47

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 233-55-45

Факс

(+9989 71) 233-24-43

 

Хабар қолдиринг

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар