Deprecated: mysql_connect(): The mysql extension is deprecated and will be removed in the future: use mysqli or PDO instead in /var/www/vhosts/tashkent.uz/httpdocs/modules/frontend/news.php on line 4
 mirobod.tashkent.uz Mirobod.Tashkent.Uz - Ёшларга Эътибор — Келажакка Эътибор
Фотогалерея
Видеогалерея
Ёшларга эътибор — келажакка эътибор - Бўлимга қайтиш

Фарзандларимизнинг таълим-тарбияси учун барчамиз бирдай масъулмиз

Ўзбекистонимиз – ёшлар мамлакати. Бизда ҳар йили беш юз эллик – олти юз минг атрофида бола дунёга келади. Шунча миқдордаги фарзандларимиз ҳар йили умумий ўрта таълим мактабларини, яна шунчаси эса академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларини битиради. Бу – амалда жуда катта к7ўрсаткич. Демак, бизда изчил равишда авлодлар бардавомлигини таъминлашнинг катта имкони мавжуд. Биз – катталар шунга аминмизки, ортимизда давомчилар бор. Улар бугун-эрта етук кадрлар бўлиб етишади, халқона қилиб айтганда, ёнимизга кириб, қўлимиздан ишимизни олади.

Бироқ бу ўз-ўзидан амалга ошаверадиган, кўнгилдагидек юзага чиқаверадиган масала эмас.Бундай эзгу мақсадга эришиш учун давлат ва жамият жуда катта куч сарфлаши, мамлакатда кучли таълим-тарбия тизими фаолият юритиши, уни замон талаблари асосида доимий тарзда такомиллаштириб, самарадорлигини ошириб бориш – шарт.

Мамлакатимизда ёшларга эътиборнинг алоҳида мавқе касб этаётгани, таълим-тарбия давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани ҳам айнан шундан.

Пойтахтимизда 285 та умумий ўрта таълим мактаби, 41 та академик лицей ва 81 та касб-ҳунар коллежи мавжуд. Буларнинг барчаси – замон талабларига жавоб берадиган даражада моддий-техникавий базага эга. Бунинг учун давлатнинг катта миқдордаги маблағи сарфланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бизда давлат бюджетининг жуда катта қисми айнан таълим тизимига йўналтирилган.

Таълим муассасаларига кирган кишининг баҳри-дили очилади, ёшларимиз учун яратилган имкониятларга биз – катта авлод вакиллари ҳар қанча ҳавас қилсак, арзийди.

Аммо, биринчидан, ёшлар тарбияси – ўта мураккаб масала, иккинчидан, беш қўл баробар эмас. Мактаб, лицей ва коллежларнинг ўз муаммолари бор. Бундай муаммоларнинг энг муҳими ва зудлик билан ҳал этмаса бўлмайдигани – ёшларимизнинг дарсга қатнаши юз фоиз эмаслиги.

Ўқувчи таълим муассасасига келмадими, бас, унинг амалда ўқиши керак маҳалда айнан нима билан шуғулланаётганини назорат қилишнинг ҳеч иложи бўлмайди. Ота-онаси ишга кетган, бола эса эрталаб папкасини кўтариб, уйидагиларга ўзини гўё ўқишга боргандек қилиб кўрсатган бўлиши ҳам мумкин. Оқибатда ўқувчилар орасида жиноятчилик ҳам кўпайиб бормоқда. Чунки ҳамма бало айнан бекорчиликдан келиб чиқади. Халқ билиб айтади: “Бекорчидан Худо – безор”, “Саёқ юрсанг, таёқ ейсан”.

Иккинчи муаммо ҳам бор. Бу болаларимизнинг дарсдан кейинги пайтини назорат қила олмаслигимиздан келиб чиқяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 9 февралида бўлиб ўтган ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан видеоселектор йиғилишида, жумладан, шундай муаммолар ҳам атрофлича таҳлил қилинди, бу иллатларни бартараф этиш борасида долзарб вазифалар белгилаб берилди. Ҳар пайшанба жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни деб эълон қилингани ҳам барчамизга маълум.

Учинчи муаммо умумий ўрта таълим мактабини битирган ёшларнинг академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларида тўлиқ ўқишига эришмаганимиз оқибатида юзага келмоқда. Яъни мактабни тугатган, лекин мажбурий таълимни давом эттирмаётган 16 ёшли бола бўш қоляпти. Агар у бир нафар бола бўлса ҳам, жамият учун катта муаммо ҳисобланади.

Эсингизда бўлса, 2010 йилнинг 7 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан қамраб олишни таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 109-сон қарори қабул қилинган, унда ушбу муаммони бартараф этиш юзасидан қаттиқ талаблар ўртага қўйилган эди.

Бу борада кўп ишлар қилинди, қилин-япти ҳам. Аммо камчиликларимиз – ҳамон етарли. Муаммолар ҳали тўла-тўкис ҳал этилгани йўқ.

Шаҳримиздаги умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар, хусусан, касб-ҳунар коллежларида давомат юз фоиз эмас. Ўқувчилар ўртасида ҳамон ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳолатлари юз бермоқда.

Шунинг учун ўқувчи-ёшларда Ватанга муҳаббатни кучайтириш, миллий ғурур ва ифтихорни шакллантириш, улар қалбида ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш, уларни ҳар томонлама билимли, баркамол қилиб вояга етказиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Хусусан, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги нохуш аҳволни бартараф этиш, ўқувчиларнинг дарсларга тўлиқ қатнашишини таъминлаш ўта зарур вазифа бўлиб турибди. Бунинг учун эса умумий ва ўрта махсус таълим муассасалари мутасаддилари масъулиятини ҳамда ички ишлар органлари қуйи бўғин бўлинмалари, милиция таянч пунктлари ва профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг сабаби ва келиб чиқишига замин яратувчи шарт-шароитларни аниқлаш, барча таълим муассасаларига профилактика инспекторларини бириктириб, уларнинг кундалик иш фаолиятини таълим муассасаларидан бошлашини амалиётга татбиқ этиш,таълим муассасаларига ишга қабул қилинган “Камолот” ЁИҲ етакчиларининг иш фаолиятини изчил йўлга қўйиш бугуннинг долзарб вазифалари сирасига киради.

Ана шу мақсадда яқинда Тошкент шаҳри ҳокимлиги, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси, прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси, Маданият бош бошқармаси, Халқ таълими бош бошқармаси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг шаҳар бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар Кенгашининг “2016-2017 — ўқув йилида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқувчилар давоматини тўлиқ таъминлаш, 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қамраб олишни амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ шаҳримиздаги таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини яхшилаш ва умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиш бўйича доимий ишловчи ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилди. Туманларимизда ҳам худди шундай намунавий ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Вазифа шундан иборатки, мавжуд 
муаммоларни бартараф этиш учун, аввало, таълим муассасалари ички интизомига риоя этмайдиган ўқувчилар рўйхатларини тоифаларга бўлган ҳолда шакллантириш зарур. Бундан ташқари, таълим муассасаларидаги реал давоматни билиш мақсадида мунтазам равишда дарсларга қатнашмайдиган ўқувчиларни аниқлаш керак. Кейин эса маҳалла профилактика инспекторларини ўз ҳудудида жойлашган таълим муассасаларига бириктириш лозим.

Профилактика инспекторлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сабабсиз равишда сурункали дарс қолдираётган, таълим муассасасининг ички тартиб-интизомига бўйсунмайдиган, ҳуқуқбузарликка мойил ўқувчилар билан манзилли шуғулланиб, жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда уларнинг ота-оналари билан ишлашига тўғри келади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: нима учун ўқувчиларнинг аксарияти дарсларни қолдирмайди-ю, айримлар сурункали равишда таълим муассасасига ўқишга келмайди? Бунда оиланинг ўрни борми-йўқми, ота-она айбдорми-йўқми? Хўш, ота-она боласининг дарсга бормаётганини биладими? Билса, нега бунга бундай бефарқ қараши керак? Эҳтимол, боланинг таълим муассасасига бормаётганига сабаб ҳам айнан ота-онанинг ўзидадир? Жамиятимизда бундайлар йўқ, деб ўйлайсизми?

Масала шу қадар жиддий ва жамият учун шу даражада муҳимки, фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган, шунингдек, улар тақдирига эътиборсиз ёки бефарқ ота-оналар билан алоҳида иш олиб бориш ва буни туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияда муҳокама этиб, амалдаги қонунчилик асосида уларга нисбатан тегишли чоралар кўришдан бошқа илож йўқ.

Энди ёшларнинг дарсдан кейинги вақтини қандай ўтказаётгани масаласини олиб кўрайлик. Боласи мактаб, лицей ва коллежда ўқиётган ота-оналарнинг аксарияти айни меҳнат қиладиган ёшда бўлади. Дарслар ота-онанинг иш вақти охирига етишидан анча эрта тугайди. Кўпчилик, аниқроғи, уйда кекса отахону онахони йўқ оилаларда болалар бир неча соат мобайнида катталар назоратисиз қолади.

Яхши тарбия топган фарзанд учун бу ортиқча муаммо бўлмайди, албатта. Чунки бундай оилаларда боланинг бўш пайтлари ҳам оқилона тақсим қилинган. Ота-она фарзандининг қачон уйга қайтиши, қай пайтда овқатланиши, қайси соатларда уй юмушлари билан шуғулланиши, қай маҳал тўгаракларга бориши, соат нечадан нечагача спорт ўйинлари билан машғул бўлиши, қачон дарсларга тайёргарлик кўриб, уйга берилган вазифаларни бажаришини тартибга солиб берган ва буни жиддий назорат қилиб туради ҳам. Аксарият ота-оналар ишдан кейин болалари билан бирга дарс тайёрлайди, десак ҳам, хато бўлмас.

Аммо ҳамма бирдай эмас-ку. Ёшларимиз, хусусан, коллеж ўқувчилари ўртасида ножўя хатти-ҳаракатлар, масалан, яширинча чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, уруш-жанжал чиқариш, ҳатто, жиноятга қўл уриш ҳодисалари кўпроқ айнан уларнинг дарсдан бўш пайтларида амалга ошяпти. Буларнинг бари – ўқувчининг назоратсиз қолаётгани, фойдали машғулот билан банд бўлмаётганидан.

Очиғини айтганда, кўп таълим муассасаларида тўгараклар номигагина ташкил этилган.Улар гўё қоғозлардагина “фаолият кўрсатади”, холос. Шунинг учун бундан буён ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида таълим муассасалари қошидаги тўгараклар фаолиятининг ҳаққонийлигини ўрганишга, улар самарадорлигини тубдан ошириш, яъни ишини тизимли ташкил этиш, зарурат бўлса, уларнинг йўналишларини болаларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришга ҳам тўғри келади.

Ҳар бир таълим муассасасида педагог-психолог бор. Табиийки, улар тарбияси оғир болалар билан қаттиқ ишлаши керак. Нотинч ва ноқобил оилалар фарзандлари, доимий равишда дарс қолдирадиган, кийиниш маданиятига риоя этмайдиган ўқувчилар билан якка суҳбатлар ташкил этиш лозим. Педагог-психологлар, гуруҳ (ёки синф) раҳбарлари ҳамда таълим муассасаси директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари биргаликда бундай оилалар уйларига бориб, тарбияси оғир болаларнинг ота-онаси билан гаплашишдан эринмаслиги зарур.

Ёшларга “ёш” деб қарамаслигимиз керак. Уларнинг ичига кирмасак, кўнглини билмасак, дардини эшитмасак, муаммоларини обдон ўрганиб, уларни бартараф этиш йўлларини изламасак, бўлмайди. Бунинг учун ўқувчилар билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш, уларнинг муаммо ва истаклари билан танишиш, таълим муассасаси даражасидаги муаммоларни муассаса раҳбарига, туман миқёсидаги муаммоларни туман ҳокимиятига, шаҳар миқёсидаги муаммоларни эса туман ҳокими орқали шаҳар ҳокимиятига юбориш зарур.

Яна уч ойдан кейин шаҳримиз умумий ўрта таълим мактабларини минглаб ўқувчи битиради. Улар юз фоиз академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириши – шарт. Бунга эса ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Ишни ҳозирдан бошлаш керак. Бу масалада ҳам мактаб, оила, маҳалла ҳамда профилактика инспекторининг ҳамкорлиги зарур.

Ҳар бир таълим муассасасида “Ота-оналар кенгаши” тузилган. Хўш, улар қандай фаолият юритяпти? Мулоқот ва учрашувлар мунтазам ўтказиладими? Уларда ота-оналарнинг иштироки таъминланганми? Натижага эришиш учун бундан буён ана шу тизим фаолиятини кучайтириш, ота-оналар йиғилишида маҳалла профилактика 
инспекторлари ва фуқаролар ўзини ўзи 
бошқариш органлари раисларининг мунтазам иштирокини таъминлаш – ўта зарур.

Ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади, деган оқилона қараш бор. Хўш, пойтахтимиздаги умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳаммаси ҳам малакали педагог кадрлар билан тўлиқ таъминланганми? Педагогларга дарс соатлари берилиши стандартларга мос келадими? Дарсларнинг ўтилишида узилишлар йўқми? Таълим муассасаларининг санитария-гигиена ҳолати талаб даражасидами?

Ҳаёт ёшлар тарбиясида олдимизга қўяётган вазифаларнинг бу жиҳатларини ҳам жиддий ўрганиб, тегишли хулоса чиқариш ва аҳволни тубдан яхшилашни тақозо этмоқда.

Ҳозирги пайтда таълим муассасаларида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати етакчилари фаолият олиб боряпти. Аммо уларга услубий-амалий кўмак бериш зарур.

Халқимизда: “Олманинг тагига олма тушади”, – деган мақол бор. Ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммоларнинг бир қисми айнан катталар туфайли юз бераётганидан ҳеч ҳам кўз юмиб бўлмайди. Орамизда ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка ружу қўйганлар йўқми? Оилавий турмуш доирасида мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этувчилар-чи? Ўзларининг жамиятда қарор топган маънавий-ахлоқий талабларга зид хатти-ҳаракатлари билан фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганлар камми? Фарзандлари тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган ота-оналар-чи? Ҳатто, нотинч оилаларни, вояга етмаганларни турли ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундаётган кимсалар ҳам борлигига нима дейсиз?

Ёшлар онгини заҳарлаб, уларни турли диний экстремистик ғоялар таъсирига олиш мақсадида даъват этувчи, турли ноқонуний тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борувчи, ўсмирларга қонунга хилоф равишда диний таълим берувчиларни, конституциявий тузумга қарши турли ахборотларни тарқатувчи кимсалар билан манзилли профилактик-тарбиявий ишлар олиб боришимиз зарур.

Ёшлар тарбияси тушунчасининг ўзак-ўзагида қизлар тарбияси масаласи ҳам турибди.

Қўшма қарорда маҳаллада, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарор бўлишига эришиш мақсадида хотин-қизлар ўртасида турли жиноятлар, шунингдек, ўз жонига қасд қилиш, фоҳишабозлик, қонун ҳужжатлари талабларига зид тарзда вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларининг сабабларини чуқур ўрганиш натижалари бўйича фуқаролар йиғини кенгаши, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тегишли ташкилотларга ҳамкорликда комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Таълим муассасалари ўқувчи қизлар орасида соғлом турмуш тарзини ша-кллантириш, кийиниш маданиятига қатъий риоя қилиш юзасидан аниқ йўналтирилган режа ишлаб чиқиш, унда “оммавий маданият” кириб келишининг олдини олиш, бундай ҳолатларга йўл қўйиб бераётган ота-оналарга нисбатан кескин чоралар кўриш вақти келди.

Бу мақсадларга эришишимиз учун маҳаллалар оқсоқолларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини жиддий жонлантиришга тўғри келади.

“Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлик механизми ҳақида кўп гапирамиз. Бироқ ҳамма жойда ҳам бу ҳамкорлик кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган. Айрим маҳаллаларимиз ҳудудида бир нечта таълим муассасаси мавжуд. Бундан ташқари, бу таълим муассасаларида фақат шу маҳаллада истиқомат қиладиган болаларгина ўқимайди, албатта. Кўп жойларда маҳалла раиси ёки фаолларининг таълим муассасаси билан алоқаси йўқ даражада.

Куни кеча юқорида таъкидлаб ўтилган қўшма қарорнинг мазмун-моҳиятига бағишланган маҳаллий оммавий-ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ишларни самарали ташкил этиш мамлакатимиздаги энг асосий устувор вазифалардан бири эканлиги, ушбу қўшма қарорнинг шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, шаҳар прокуратураси, Ички ишлар бош бош-қармаси, Маданият бош бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда қабул қилинганлиги қайд этиб ўтилди.

Бугунги кунда пойтахтимизда қарийб уч миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Унинг учдан икки қисмини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Ҳозирги кунда туман ички ишлар бош­қармаларида вояга етмаганлар ва ёшлар билан якка тартибдаги профилактик ишларни олиб бориш маҳалла ва мавзеларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари зиммасига юклатилган. Лекин ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан ёшлар билан олиб борилаётган якка тартибдаги ишларнинг етарли даражада эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Ушбу қўшма қарорни қабул қилишдан мақсад, дарсларга мунтазам келмаётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан якка тартибда тушунтириш ишларини олиб бориш, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, ички ишлар ва маҳалла фаоллари ёрдамидан самарали фойдаланишни тизимли йўлга қўйишдан иборат.

Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари, профилактика инспекторлари ва ўқув муассасалари ўртасида ҳаққоний узвий ҳамкорлик ташкил этилади. Шунингдек, жорий йилнинг 1 апрелига қадар таълим муассасаларида ташкил этилган фан, спорт ва бошқа йўналишдаги тўгараклар фаолиятини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш, улар фаолиятини тизимли ташкил этиш, умумтаълим мактаблари битирувчиларини коллеж ва лицейларга тўлиқ қамраб олиш масалаларига ҳам муҳим эътибор қаратилиши лозимлиги билдирилди.

Тадбирни олиб борган Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова, шунингдек, унда иштирок этган шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси раҳбари Аваз Мамажонов, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Иноятов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Аҳрор ўуломов, Ички ишлар бош бошқармасининг масъул вакили Азим Султонов ва “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Акмал Жумабоевлар томонидан маҳаллий оммавий-ахборот воситалари ходимларининг барча саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Кўриниб турибдики, ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммоларимиз – етарли.

Халқимизда: “Бола – бошидан”, – деган доно нақл мавжуд. Ахир, дарахт кўчатини ҳам навниҳол пайтидан парваришлаб, серҳосил бўлиб вояга етишига ёрдам қилиб борамиз. Агар биз умумий ўрта таълим, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқиб юрган пайтларида фарзандларимиз тарбиясига бепарво бўлсак, кўп нарсани бой бериб қўямиз. Бу мураккаб ёшда бола тарбияси издан чиқса, кейин бу ҳолатни ўнглашимиз жуда қийин кечади. Халқона қилиб айтганда, кейин боланинг суяги қотиб қолади.

Зеро, ёшлар – келажагимиз экан, уларнинг таълим-тарбияси учун барчамиз бирдай масъулмиз. Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Олим МАҲМУДОВ

16.03.2017

http://vto.uz/uz/info/20-zhamiyat/3625-eshlarga_etibor_kelazhakka_etibor_2.html

Олдин      Кейин

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
Сайтда фойдаланувчилар сони: 47
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони
Тоифа Сони
Қабул қилинган 8
Ижрода 3
Ижроси таъминланган 5

ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!


 

Ишонч телефон

(+9989 71) 233-29-86

Девонхона

(+9989 71) 233-10-47

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 233-55-45

Факс

(+9989 71) 233-24-43

 

Хабар қолдиринг

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар